Самарқанд афғонлараро музокараларга мезбонлик қилиши мумкин
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
6214Ўзбекистон афғонлараро тинчлик музокараларининг бир раундини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёр. Бу ҳақда жорий йилнинг 9 сентябрь куни “Ўзбекистон-AҚШ-Aфғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилишида айтиб ўтилди.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов, AҚШ Давлат котибининг Aфғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Aфғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди.
Тадбир давомида Aфғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни, томонлар ўртасида сиёсий мулоқотни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва одам савдоси йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Aфғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар Aфғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидладилар. Шу нуқтайи назардан 2018 йил март ойида Aфғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг концептуал аҳамияти яна бир бор эътироф этилди.
Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватладилар. Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилиш давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Эслатиб ўтамиз, афғонлараро тинчлик музокараларининг биринчи босқичи жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада ўтказилади.
LiveБарчаси