Самарқанд ҳокими огоҳлантирилди (видео)

Жамият

image

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев педагогларни кўча назоратчиси бўлишга ундовчи топшириғи ортидан огоҳлантириш олди. Давлат меҳнат инспекцияси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг вилоят олий таълим муассасалари ўқитувчиларини кўчаларни назорат қилиши ва уларнинг ободлигига масъул бўлиши ҳақидаги топшириғи янграган эди. Ҳокимнинг бу “ватан ободлиги” ташаббусида берган топшириғи ОТМ ректорлари билан учрашувда берилганди.

Вилоят ҳокимлигининг учрашувдан эълон қилган видеоси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Меҳнат инспекциясининг билдиришича, амалдаги қонунчиликда педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий тарзда жалб этиш тақиқланган. Агар мазкур ташаббус амалиётга жорий этилиб, педагоглар фаолиятига дахлдор бўлмаган ишларга жалб этилса, мажбурий меҳнат ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлади.

“Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани ҳамда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганлиги юзасидан огоҳлантириш юборилди” дейилади инспекция муносабатида.

Меҳнат инспекциясининг таъкидлашича, ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, педагогларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш зарур.

Педагогларнинг бу хусусдаги ҳуқуқи қанчалик ҳимояланган?

Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва уларни ўз вазифаларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади.

Ушбу қонунга мувофиқ, педагогларни қуйидаги ишларга жалб этишга йўл қўйилмайди:

  • ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга;
  • таълим билан қамраб олинмаган ёки профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар бўйича ҳисоб юритиш ва шу каби вазифаларга.


Сайловлар, тест синовлари, аҳолини рўйхатга олиш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларга педагоглар фақат педагогларнинг ўз розилиги билан, тегишли шартнома асосида, қўшимча ҳақ тўланган ёки ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда жалб этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 51-моддасиga мувофиқ, педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш, уларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ёки касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда маъмурий жарима қўлланиллади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг