Самандар Қўқонов: Мутлақо айбсизман!
Жамият
−
11 Июль 2019
9282Ислом Каримов даврида 24 йил ҳибсда сақланган Самандар Қўқонов Ўзбекистон энг узоқ қамоқда ўтирган маҳбус саналади. У Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 август ҳукмига кўра, 1959 йил таҳриридаги Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 20 йил озодликдан маҳрум этилган.
Қўқонов Ўзбекистон Республикаси Олий судига оқлашни сўраб кассация тартибида шикоят келтиргани, 2019 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукми ўзгартирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ажримга кўра, Самандар Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилган, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилган, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йил таҳрирдаги) мувофиқ қайта квалификация қилинган.
Суд Самандар Қўқоновга сўнгги сўз берган. “Мутлақо айбсизман”, деган 75 яшар Қўқонов.
Унга суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилган. QALAMPIR.UZ`га оид маълумотларга қараганда, Қўқонов яна оқлов сўраб судга мурожаат қилмоқчи. Бунгача у судга 7 маротаба мурожаат қилган.
Маълумот ўрнида, Самандар Қўқонов Ўзбекистон Республикаси халқ депутати бўлган, “Тоштранснефтмаҳсулот” УК директори лавозимида ишлаган.
Қўқонов 1993 йилнинг ёз ойларида қўлга олинган. Унга нисбатан давлат мулкини талон-тарож қилиш айблови қўйилган.
2014 йили Самандар Қўқоновнинг илк қамоқ муддати тугаган, бироқ унга 3 йиллик муддати қўшиб берилган.
Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, кўплар қаторида Самандар Қўқонов ҳам озодликка чиқди.