“Саломатлик” ордени ва “Соғлом турмуш” медали таъсис этилди

Жамият

image

Кеча, 26 май куни “Саломатлик” ордени ва “Соғлом турмуш” медали таъсис этиш тўғрисида икки қонун Президент томонидан имзоланди. Қонунлар билан орден ва медаль тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, “Саломатлик” ордени билан Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади. Орден билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

“Саломатлик” ордени икки даражадан иборат бўлади. Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал II даражали орден, орадан камида 3 йил ўтганидан кейин I даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

I даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида, II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади.

I ва II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

“Соғлом турмуш” медали билан эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун соғлиқни сақлаш муассасалари шифокорлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар, фуқаролар, намунали оилалар ва спортчилар ва бошқа шахслар мукофотланадилар.

Медал билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти олади ва қонун ҳужжатларида белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати тўртинчи ялпи мажлисида ушбу қонунни маъқуллаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

медаль орден

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг