“Салар” каналини ифлослантирган компания 2,2 млрд сўм жаримага тортилди

3-саҳифа

image

Тошкентда “Салар” каналини ифлослантирган қурувчи компания 2,2 миллиард сўмлик жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш давомида Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасида “Б.Б.” МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биносини қуриш давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга шикаст етказилгани, оқибатда қувурнинг маълум қисми ўпирилиб тушгани аниқланган. Тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар эса Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Салар” каналига ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормасдан, махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри ташланган.

Суюқ чиқиндилардан Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг таҳлилий лаборатория бўлими томонидан намуна олинган. Олинган намуналарда Экология миллий қўмитаси ҳузуридаги Экологик мониторинг миллий маркази томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, нефть маҳсулот қолдиқлари белгиланган меъёрдан 5,02 марта, азот аммоний 43,5 марта, ХПК 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори эканлиги маълум бўлган.

Шунингдек, суюқ чиқиндилар тўпланган тупроқ намуналарининг таркибида нефть маҳсулот қолдиқлари 2,6 дан 11,4 мг/кг гача эканлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 63 936 метр куб ҳажмдаги суюқ чиқинди “Салар” каналига ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда чиқариб ташланган. Ушбу ҳолат содир этилиши натижасида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси, “Сув кодекси”нинг 23, 117, 153-моддалари талаблари қўпол равишда бузилган. Натижада 2 млрд 160 млн 13 минг 824 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.

Бундан ташқари, МЧЖ томонидан оқова сув тармоғига шикаст етказилганлик ҳолати оқибатида тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар ташланиши оқибатида ер рельефидаги тупроқ ифлослантирилган. Таҳлил натижаларига кўра, нефть маҳсулот қолдиқлари белгиланган концентрация миқдоридан ўртача 5,2 марта юқорини ташкил этган. Натижада “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси, “Ер кодекси”нинг 40, 79, 85-моддалари талаблари бузилган. Ҳолат юзасидан 60 млн 27 минг 81 сўм компенсация тўлови ҳисобланган. Шу тариқа “Б.Б.” МЧЖ жами 2 млрд 220 млн 40 минг 905 сўм компенсация тўлайдиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Аччисой каналида балиқларнинг нобуд бўлишига сабабчи бўлган корхонага 92 млн сўм конпенсация ҳисобланганди. https://qalampir.uz/news/zangiotadagi-kanalda-ulik-balik-lar-ok-di-video-135708


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг