Саидов Садир Жапаровга Мирзиёевнинг саломини етказди

Жамият

image

Бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломларини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга етказишдан мамнунмиз”, деган Ташқи ишлар вазири. 

Қайд этилишича, учрашув кун тартиби кенг қамровли бўлган ҳамда истисносиз барча йўналишларни қамраб олган. 

“Инфратузилмадан тортиб, гуманитар йўналишгача бўлган барча соҳалардаги қўшма лойиҳаларимиз нафақат икки давлат манфаатларига, балки бутун минтақа ва ундан кенгроқ ҳудудлар тараққиётига ҳам хизмат қилмоқда”, деган Саидов.

Маълумот учун, кеча, 30 июль куни Бахтиёр Саидов Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан ҳам учрашганди. Музокаралар давомида Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида тайёргарлик кўриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоланган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 17 июль куни Қобулда “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий ва ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Халифа Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашувлар ўтказганди. Ўша куни Қобулда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди ва уларнинг иштирокида Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Покистон темирйўл вазирлиги раҳбарлари томонидан Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди. Бахтиёр Саидов Қобулда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан ҳам учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Бахтиёр Саидов Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг