Саидов Афғонистон ва Покистон ТИВ раҳбарлари билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
28 Февраль 3215 2 дақиқа
Бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов телефон орқали Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Мавлавий Амир Хон Муттақий билан Афғонистон – Покистон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Суҳбат давомида Афғонистон – Покистон чегарасидаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдик ҳамда вазминликни сақлаш ва вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидладик”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқотда барқарорликни таъминлаш ва мавжуд хавф-хатарларни бартараф этишда мулоқот асосий восита бўлиб қолиши зарурлиги тасдиқланган.
Шунингдек, Бахтиёр Саидов Покистон Ислом Республикаси Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исъҳоқ Дор билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги сўнгги вазият юзасидан фикр алмашган.
Суҳбат давомида вазминликни сақлаш ва вазиятни янада кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидланган. Мавжуд қарама-қаршиликни юмшатиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро ишонч ҳамда изчил мулоқотнинг аҳамияти зарурлигини алоҳида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 февраль куни Афғонистон Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг афғон ҳудудини бомбардимон қилганига жавобан, бутун “Дюранд чизиғи” – Қобул томонидан тан олинмаган икки давлат ўртасидаги чегара бўйлаб Покистон ҳарбийларига қарши ҳарбий операция бошлаганди. Покистон, ўз навбатида, жавоб ўти очилганини, кейинроқ эса Афғонистон билан “очиқ уруш” бошланганини эълон қилди.
Кеча, 27 февраль куни “Толибон” муваққат ҳукумати Покистон билан чегарада янги ҳужумлар тўлқинини бошлади.
Ҳозирги кескинлашув 2025 йил октябрь ойида бошланган Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаронинг давомидир. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш ҳақида баёнот берган, бироқ чегарада тинчлик бўйича келишувга эриша олмаган. Исломобод Қобулни террорчиларга бошпана беришда айбламоқда, Афғонистон расмийлари эса бу айбловларни рад этиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазиятнинг кескинлашаётганидан чуқур хавотирдалигини билдирди.
Live
Барчаси