“Саидазиз медгородок” иши: Ҳукм ўзгаришсиз қолди

3-саҳифа

2023 йилнинг декабрь ойида товламачилик айблови билан қўлга олинган, кейинчалик Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбли деб топилиб, 20 йилга қамалган Саидазиз Саидалиевга ўқилган суд ҳукми аппеляция инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилди.

Ёдингизда бўлса, 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида республикада криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ўзини кўча болалари деб таништирган бир нечта гуруҳлар қўлга олингани айтилган эди. 

Улар орасида 1987 йилда туғилган, одамлар орасида“Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ҳам бўлган. Қўлга олинганда фақатгина “товламачилик” билан айбланган Саидалиев кейинчалик Жиноят кодексининг 6 та моддасида қайд этилган жиноятларни содир этганликда айбланаётгани маълум бўлди. 

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида бўлиб ўтган биринчи инстанция судига судья Мирзажонов раислик қилди. Ўшанда Саидазиз Саидалиев ёлғиз эмаслиги, балки у билан бирга жиноят содир этганлар сони жами 28 нафар экани маълум бўлди. Судланувчилардан жабр кўрганлар эса 30 дан ортиқ экани айтилди. 
 
“Саидазиз медгородок” ва у билан бирга жиноят содир этганликда айбланаётган жами 29 нафар судланувчилар Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбланган. 

Улар: 

  • 112-модда (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
  • 165-модда (Товламачилик);
  • 168-модда (Фирибгарлик);
  • 182-модда (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш); 
  • 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва уларга тегишли тиркамаларнинг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
  • 229-модда (Ўзбошимчалик);
  • 236-модда (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);
  • 237-модда (Ёлғон хабар бериш);
  • 238-модда (Ёлғон гувоҳлик бериш); 
  • 242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш);
  • 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш); 
  • 277-модда (Безорилик);
  • 28, 211-моддаларида назарда тутилган жиноятлар.

Дастлабки суд мажлисларида сўз олган Саидалиев айбига қисман иқрор эканини билдирганди.  

“Ҳурматли судья, [гувоҳлик берганларни] жабрланувчи деймизми, туҳматчи деймизми? Тўғри қилган жиноятларим бор, лекин улар айтган даражада эмас. Келиб, нотўғри гапириб чалғитаётган жойлари ҳам бор. Мен айбимга қисман иқрорман”.

5 август санасига келиб, судланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 28,211-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 242-моддаси 1-қисми, 243-моддаси ва 277-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланганди.

Орадан кўп ўтмай Саидалиев суд ҳукмидан норози бўлиб, аппеляция инстанциясига мурожаат қилган. 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанцияси, суд биносида бўлиб ўтган суд мажлисида раислик қилувчи судья Музаффар Аҳмедов Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукмининг Саидалиев Саидазиз Саидагламович ва бошқа судланувчиларга оид қисмини ўзгаришсиз, аппеляция протести ва аппеляция шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдирган. 

Эслатиб ўтамиз, “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ҳам қўлга олинган у ҳам Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев (“Салимбойвачча”) ҳам Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйидан олиб кетилган.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида Салим Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 2-банди билан (ноқонуний қурол-яроғ сақлаш) айбдор деб топилган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саидазиз медгородок Саидазиз Саидалиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг