“Саидазиз медгoродок”нинг иши судда кўрилади
3-саҳифа
−
06 Июнь
7496Бундан 6 ой аввал “Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари давомида товламачиликда айбланиб, қамоққа олинган, жиноят оламида “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиевга очилган жиноят иши ҳужжатлари судга юборилди.
Дастлаб, Тошкент шаҳар ИИББ Саидалиевни спорт билан шуғулланган, жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига жалб қилиб, бир нечта жиноятларни содир этгани, хусусан, одамларнинг қарздорлик ва бошқа муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда, таҳдидлар ва тамагирлик орқали ҳал қилгани учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берганди.
Орадан ярим йил ўтиб, у бошқа моддалар билан ҳам айбланаётгани маълум бўлди. Қўлга олинганда битта модда билан айбланган Саидалиев бугунга келиб Жиноят кодексининг 6 та моддасида қайд этилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Саидалиевнинг судга тақдим этилган ҳужжатларида у Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари, 168-модда (Фирибгарлик) 4-қисми “а” ва “в” бандлари, 211-модда (Пора бериш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш) 1-қисми, 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 277-модда (Безорилик) 2-қисми “б” ва “в” бандлари, 277-модда (Безорилик) 3-қисми “а” бандидаги жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Судга юборилган ҳужжатларга кўра, Саидазиз Саидалиев ёлғиз эмас, балки у билан бирга жиноят содир этганлар сони жами 28 нафар экани айтилмоқда. Судланувчилардан жабр кўрганлар эса 30 дан ортиқ. Мазкур иш 11 июнь куни соат 10:00 да Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўрилиши белгиланган.
Республикадаги криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида ўтказилган “Долзарб 40 кунлик" тадбирлар давомида қўлга олинганларга очилган жиноят ишлари бирин-кетин судга юборилмоқда. Хусусан, бир неча кун олдин “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга оид иш Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида кўриб чиқила бошланди.
Қудратуллаев билан жиноят содир этганлиги айтилаётган 36 нафар судланувчи орасида унинг икки ўғли ва акаси ҳам бор. Дастлабки суд мажлисларида судланувчиларнинг шахси аниқланди, ҳозирги вақтда суд тергови давом этмоқда.