Саида Мирзиёева журналист ва блогерлар ҳақида: “Улар фуқаролик назоратининг пешқадамларига айланди”
Жамият
−
28 Сентябрь 2020
8274“COVID-19 пандемияси даврида бутун дунёда оммавий ахборот воситалари ва аҳоли ахборотдан эркин фойдаланиш ва уни тарқатиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келди”, дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.
У бугун, 28 сентябрь Ахборотдан эркин умумфойдаланишга бағишланган Халқаро онлайн-конференцияда иштирок этди.
“Турли мамлакатларда бу вазиятдан қандай қилиб чиқилаётгани, энг яхши тажрибаларни танлаш ва уларни тарғиб қилиш учун қандай ечимлар таклиф этилаётганини билиш жуда муҳимдир. Биргаликда, бир-биримиз билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда ушбу глобал пандемияни енгиб ўтишимиз мумкинлигига ишончим комил”, дейди Мирзиёева.
У Ўзбекистонда сўнгги йилларда журналист ва блогерлари, оммавий ахборот воситаларига нисбатан эътибор ҳақида гапириб, давлат ташкилотлари Матбуот хизматлари янгидан шакллантирилганини урғулади.
“Ўзбекистон тарафидан ахборотдан эркин фойдаланишни яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларидан бири – давлат органлари матбуот котиблари мақомининг қонунчилик даражасида оширилишидир. Барча давлат тузилмалари ва ҳокимиятлардаги 600 дан ортиқ матбуот хизматларини ўз ичига олган тизимнинг яратилиши, давлат органларининг халқ олдида очиқлигини таъминлаш имконини берди. Унинг самарадорлиги пандемия даврида, аҳолини тезкор хабардор қилиш ҳаётий зарур аҳамиятга эга бўлганда, ўз тасдиғини топди”, дейди Мирзиёева.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ёритувчи алоқа тизими яратилган. Ушбу тизимнинг яратилиши оммавий ахборот воситалари ҳамжамияти ва Фонднинг биргаликдаги ташаббуси бўлиб, унда умумий фалокат олдида пандемияга қарши курашда аҳолига кўмаклашувчи муҳим ахборотлардан эркин умумфойдаланишни ташкил қилиш мақсадида давлат идоралари билан бирлашган журналистлар ва блогерларнинг фуқаролик позицияси юзага келган.
“Биз давлат органлари учун савол ва тавсияларни тайёрлаб берувчи кўнгилли журналистлар ва блогерларнинг онлайн гуруҳини яратдик. Ўз навбатида, COVID-19 инфекциясининг тарқалиши туфайли юзага келган вазиятни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида самимий иштирок этган барча оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан миннатдормиз. Улар ушбу жараённинг ажралмас қисми, фуқаролик назоратининг пешқадамларига айланди. Бу қатъий ва ҳаётий аҳамиятга эга фурсат эди!”, дейди Мирзиёева.
Конференцияда БМТ Бош котибининг глобал коммуникациялар бўйича ўринбосари Мелисса Флеминг, ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи Туула Юрьёла, ЕХҲТ ҳузуридаги Швеция элчиси ва ЕХҲТ нинг 2021 йилдаги Доимий кенгаши раиси Улрика Фунеред, ОАВ эркинлиги масалалари бўйича ЕХҲТ Ваколатхонаси офисининг директори Юрген Хайссель, ЕХҲТ нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, БМТ нинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Халқоро матбуот институти Ижрочи директори Барбара Трионфи, Осиё-Тинч океани эшиттиришлар иттифоқининг Бош котиби Жавад Моттаги, шунингдек деярли 40 мамлакатдан 150 га яқин миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
LiveБарчаси