Саида Мирзиёева чет элдан келган педагоглар билан учрашди
Жамият
−
14 Ноябрь 2023
7364Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева хорижий мамлакатлардан таклиф этилган педагоглар билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 14 ноябрь куни ташкил этилган учрашувда ўзаро ҳамкорлик бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган.
“Бугун хорижий мамлакатлардан таклиф этилган педагоглар билан ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқдик. Бу инглиз, немис, француз ва бошқа тилларни ўргатувчи беш юздан зиёд малакали ўқитувчилар демакдир”, дейди Саида Мирзиёева.
Унинг қайд этишича, ушбу ҳамкорлик орқали болалар яхши устозлардан сабоқ олиш, ўқитувчилар эса зарур маҳорат дарсларида ўз билимини ошириш имконига эга бўлади.
“Илмли, ўзига ишонган, муносиб авлодни тарбиялашни мақсад қилган эканмиз, бизга иккита нарса: она тилимизга муҳаббат ва хорижий тилларни пухта ўрганиш керак. Чет тилини билиш – дунё сарҳадлари, глобал ахборот эшикларини очиш, янги билимларни эгаллаш калитидир. Ёшлар таълимига сармоя – янада яхшироқ келажак учун сармоядир”, дейди Президент ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Янги ўқув йилидан мактабларда хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассиси дарс бериши, бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлашини маълум қилганди.
Шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ўзбекистон бўйлаб 10 ойлик ўқитиш, малака ошириш дастурларини йўлга қўйгани, ушбу дастур доирасида ўқувчи ва талабаларга дарс бериш учун Америкадан 25 нафар ўқитувчи Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.