Саида Мирзиёева Алламжоновнинг “танка”сими?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Саида Мирзиёева Комил Алламжонов учун қалқонми? Ушбу саволга Алламжоновнинг ўзи “Алламжонов айбдор” номли китоби хусусида BBC’даги интервьюсида жавоб берган. 

“Албатта. Саида Мирзиёеванинг бизга, матбуотчиларга, шу йўналишга келиши, бу Президентимизнинг матбуотга ва журналистларга бўлган эътиборининг белгиси, деб ҳисоблайман. Саида Мирзиёева билан биз тандемдагина бугунги ютуқларимизга эриша олдик. Матбуотни тўртинчи ҳокимият даражасига олиб келишга ҳаракат қилдик. Вазирлик ва идораларда Матбуот хизматларининг жорий қилиниши, матбуотнинг умуман ҳимояланиши, матбуотнинг муаммоларини зудлик билан раҳбариятга етказишда ва унинг ҳал қилинишида уларнинг роли катта”, дейди Комил Алламжонов. 

“Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева “Заковат” интеллектуал клуби фаолиятига бош-қош бўлиш орқали ёшлар орасида ўз тарафдорлари қатламини шакллантирмоқчи”. Алламжонов бу фикрларга ҳам жавоб берган.

“Интеллектуал ёшлар Комил Алламжонов ёки Саида Мирзиёева учун “Заковат”га тўпланмайди. Уларни бирлаштирувчи куч – бу илмга бўлган интилиш. Биз ҳар бир шундай ҳаракатдан сиёсий мақсадларни кўзлайверсак, унда эртага бозорга чиқиб, писта сотсак ҳам бунда ҳам сиёсий мақсад кўриш мумкин. Мен бундай фикрлардан қочган бўлардим. Бизнинг асосий мақсадимиз – илмга ташна бўлган ёшларни бирлаштириш. Уларнинг юзага чиқишини таъминлаш. Илмни трендга чиқариш. 

“Заковат” янги лойиҳа эмас. У 20 йилдан буён бор. “Миллий” телеканалимизда бу кўрсатув эфирга кетаётган бўлган ва кўрсатувнинг рейтинглари пасайиб кетгани учун уни эфирдан олишди. Эфирдан олинганда, “Заковат” клубининг таъсисчилари менга мурожаат қилиб, кўрсатувни эфирга қайтариш таклифи билан чиқишди. Авваллари “Заковат”да 15-20 киши шу кўрсатув билан шуғулланади десам, Тошкент шаҳрининг ўзида ҳар ҳафта минглаб ёшлар турли кафеларда тўпланиб, шу ўйинни ўйнашар экан. Вилоятларда ҳам худди шундай. Қарасам, рус лигаси ҳам бор экан. Унда ҳам 2 мингга яқин одам доимий равишда кўришиб, ўйнаб туришаркан. Лекин уларни бирлаштирадиган, доимий равишда қизиқтирадиган ҳомий йўқ. Шундан кейин агар бу потенциали катта лойиҳа бўлса, илмга ташна ёшларимиз шунча бўлса, уларни юзага чиқарайлик, сонини оширайлик, ёшларда илмга бўлган қизиқишни кучайтирайлик, деб шу ишга қўл урганмиз. Бу ерда тарафдорларимизни шакллантириш ёки бошқа мақсадлар йўқ”, дейди Алламжонов. 

Маълумот ўрнида, Комил Алламжонов 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари, 2017 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби – Президент Администрацияси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2018 йилнинг 28 ноябрь куни собиқ Матбуот ва ахборот агентлиги, ҳозирги Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимига тайинланган. 2020 йилнинг 29 январь куни Алламжонов лавозимидан ўз хоҳиши билан кетганини эълон қилган.

Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева эса 2019 йилнинг апрель ойида АОКАда Комил Алламжоновнинг ўринбосари лавозимида иш бошлади. У агентликда Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул эди. Мирзиёева ҳам 2020 йилнинг 29 январь куни АОКАни ўз хоҳишига кўра тарк этган. 

Истеъфодан икки кун ўтиб, Алламжонов ва Саида Мирзиёева Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ҳамда ўринбосари лавозимларини эгаллагани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

856

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг