Жапаров болаларнинг ўлими ортидан вазирни танқид қилди (видео)
Олам
−
11 Май
9284Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Республика диагностика марказида уч нафар боланинг вафоти учун Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбоевга танбеҳ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Жапаров жорий йилнинг 8 май куни Бишкекда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий параддан сўнг Республика диагностика маркази ташриф буюрди. Давлат раҳбарининг у ерга ташрифи режада бўлмаган, аммо Жапаров боришга қарор қилган.
Ташриф давомида хорижлик мутахассислар иштирокида болалар кардиожарроҳлиги бўйича гуманитар дастур амалга оширилаётган муассасадаги оғир аҳвол ҳақида унга маълумот берилган. Жапаровга юрак хасталиги оғир бўлган 24 нафар бола жарроҳлик амалиётини кутаётгани, охирги кунларда 3 нафар бола шифохонада вафот этгани ҳақида ҳисобот берилган.
Таклиф этилган мутахассислар марказда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун муайян шарт-шароит йўқлигини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, диагностика битта эскирган ультратовуш аппаратида амалга оширилади, бу эса аниқ маълумотларни тақдим этмайди. Стерилизация хонаси йўқ – асбоблар бошқа тиббий муассасага машинада етказиб берилади, бу эса беморларни инфекция хавфига дучор қилади. Баъзи болалар аллақачон ривожланган инфекция билан операцияга келади.
Президент бундан норозилигини билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарини масъулиятсизлиги учун танқид қилди.
“Бу ерда бунақа муаммо бўлса, нега биринчи марта келяпсан? Болалар ўлиб кетяпти, ишхонангда ўтирибсан! Нега сени вазир қилиб қўйдим? Дедим: муаммо бўлса, қўнғироқ қилинг. Муаммони айтишади, лекин келмайсан. Шу ерга келиб яша, лекин муаммони ҳал қил, кабинетингда ўтирма”, дейди Жапаров.
У Чечейбоевга муаммоларни ҳал қилиш учун икки кун муҳлат бериб, ҳал қилинмаса, ишдан бўшатишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги кенг нишонланган эди. Кремль деворлари ёнидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйиш маросимида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ерга ёпиштирилган Қирғизистон Республикаси байроғи туширилган расмни ердан олиб, чўнтагига солганди.
LiveБарчаси