Садир Жапаров башоратчилик қобилиятига эгалигини айтди
Олам
−
02 Сентябрь 2023
20533Қирғизистон Президенти Садир Жапаров келажакни олдиндан кўра билиш қобилиятига эга эканлигини айтди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари “Кабар”га берган интервьюсида маълум қилди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари Чўлпон-Отадаги “Оқилман” президент лицейи очилиши чоғида кутилмаган баёнот билан чиққан. Унга кўра, мазкур таълим муассасасини ташкил этиш келгуси 100 йилликда кўзланган мақсадларга эришиш учун қўйилаётган илк қадамлардан бири ҳисобланади.
“Биз пойдевордан тайёргарлик кўришимиз зарур, шундан кейингина Қирғизистоннинг бир асрлик келажагини башорат қила оладиган, унинг келажагини белгилай оладиган кадрларни тайёрлай оламиз. Бу мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳим”, дейди давлат етакчиси.
Шунингдек, Жапаров шу кунга қадар амалга ошириб келаётган ислоҳотлари аввалдан режалаштириб қўйилгани, буларнинг барчаси унинг башоратчилик қобилияти борлигидан далолат эканини айтган.
“Мақтаняпти демангу, мен келажакни олдиндан кўра оламан. Ҳатто келгуси 20-30 йил давомида Қирғизистонда нималар юз бериши, мамлакат қайси йўлдан бориши кераклигини башорат қилганман. Бу хислат менга юқоридан берилган бўлса керак”, дейди Жапаров.
Президентнинг қўшимча қилишича, ҳар бир киши буни уддалай олади, яъни ҳозир содир бўлаётган вазиятни кўриб, келажакни башорат қилиш мумкин.
Айтиш жоиз, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров фаол сиёсат юритиш билан бир қаторда спорт билан ҳам профессионал тарзда шуғулланиб туради. Хусусан, жорий йилнинг 30 август куни у Сервер Жепаров, Азамат Абдураимов, Бахтиёр Ашурматов, Леонид Кошелев каби фахрий футболчилар билан бир жамоада “Барселона” афсоналарига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушган эди.
LiveБарчаси