Рус нефтидан воз кечган Европа қаердан нажот топгани ойдинлашди

Олам 31893
image
-

Саудия Арабистони ва Ироқ Европага хом нефть етказиб беришни тобора кўпайтирмоқда. Яқин Шарқ мамлакатларидан келадиган умумий оқим июль ойида кунига 2,2 миллион баррелгача етказилган, бу январь ойига нисбатан деярли 90 фоизга кўпдир. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги кемалар қатнови маълумотларига таяниб, хабар берди.

Нашрнинг эслатишича, Украинадаги уруш бошланганидан кейин Европа компаниялари янги нефть етказиб берувчилари билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қила бошлаган.

Натижада, июль ойининг дастлабки уч ҳафтасида Яқин Шарқ давлатлари Миср орқали ўтадиган “SuMed” қувури орқали Европага кунига 1 миллион баррелдан ортиқ нефть етказиб берган.

“Қувурлар оқимида Саудия Арабистонидан етказиб бериладиган таъминот устунлик қилади, аммо Ироқ ҳам экспортини оширмоқда”, дейилади хабарда.

Июль ойида Форс кўрфазидан Сувайш каналига 1,2 миллион баррелга яқин нефть жўнатилган. Танкерлар орқали нефтни асосан Ироқ етказиб берган. 

“Яқин Шарқдан умумий оқим июль ойида кунига 2,2 миллион баррелгача ошган, бу январь ойига нисбатан деярли 90 фоизга кўпдир”, дея ёзади “Bloomberg”.

Айни пайтда, Россия нефти асосан Ҳиндистон ва Хитойдаги харидорларга экспорт қилинмоқда. Ёнилғи нархи кескин ошиб бораётган бир пайтда давлатлар Москвадан нефтни арзон нархларда сотиб олмоқда.

Июнь ойи бошида Европа Иттифоқи Россия нефти ва нефть маҳсулотларидан босқичма-босқич воз кечишни ўз ичига олган олтинчи санкциялар пакетини қабул қилди. Унга кўра, декабрь ойида Россия Федерациясидан денгиз орқали нефть етказиб бериш тақиқланади. Бундан ташқари, “Катта еттилик” давлатлари Россия нефтига нарх чегарасини белгилаш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1207
Рейтинг: 3
Теглар
t
×