Рус-қозоқ чегарасида қолиб кетган ўзбекистонликлар қайтарилади – ТИВ
Жамият
−
18 Май 2020
7198Аввалроқ, Россия ва Қозоғистон чегарасида 600 дан ошиқ Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтолмай қолиб кетгани, улар учун Самара вилояти маъмурияти лагер ташкил қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат бўйича муносабат билдириб, ўзбекистонликлар ортга қайтарилишини маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Президенти тошириғи билан Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасида тўпланган ўзбекистонликларни Ватанга олиб келиш масаласи ишлаб чиқилди.
“Мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги Элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари томонидан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлиб турган ватандошларимиз рўйхати тузилди ҳамда ташкилий ва транспорт масалалари ҳал қилинди.
Ватанимизга мазкур рўйхатга киритилган жами 1100 нафар ҳамюртимиз олиб келинади. Хусусан, 2020-йил 18-май ва 19-май кунлари 550 нафардан ватандошимизнинг автобусларда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқиши режалаштирилган. Улар етиб келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.
Ватандошларимизнинг Россия-Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб келиш истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган.
Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.
Фуқароларимизни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб келишнинг қайта бошланиши тўғрисида қўшимча маълумот берилади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш учун 24 майгача 12 та чартер рейс амалга ошириш белгиланганди.