Рус ҳукуматининг бош маддоҳини қийнаб қўйибмиз – Алишер Қодиров Соловьёвга жавоб қайтарди

Жамият

image

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг СССР байроғи, ўзбек тили ва бошқа мавзуларда билдирган фикрларига изоҳ қолдирган россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвнинг иддаоларига муносабат билдирди.

Гап шундаки, россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв “Тўлиқ алоқа” телекўрсатувида ўзбекистонлик блогер Ислом Капарзо билан суҳбатлашган. Кўрсатув давомида Соловьёв Алишер Қодиров томонидан кескин танқидга учраган Тошкентдаги конценртда кўтарилган СССР байроғига тўхталиб ўтган. У шунингдек, бошловчи “Миллий тикланиш” партияси Туркия томонидан молиялаштириладими ва у Россияга қаршими деган савол берган. Бундан ташқари, Соловьёв Ўзбекистон тўлиқ ўтишни мақсад қилган лотин ёзувига ҳам “ёпишган”.

“Беларусь кўп векторни “ўйнади”, кўринг нима бўлди, Ўзбекистон мураккаб минтақада жойлашган...”, деган Соловьёв таҳдидомуз оҳангда.

Алишер Қодиров Соловьёвга берган жавобида уни қийнаб қўйганини ва у қонунни билмаслигини айтган.

“Рус ҳукуматининг бош маддоҳини қийнаб қўйибмиз. Қизиқ, Россияда партиялар давлатдан маблағ олмайдими? Ёки Соловьёв қонунларини билмайдими?”, деган Қодиров.

Сиёсатчи бошловчининг СССР байроғи ҳақидаги фикрларига ҳам жавоб берган ва Собиқ иттифоқ босқинчи бўлганини эслатиб қўйган.

“(Москвадаги – таҳр.) Қизил майдонда ўзбек байроғини кўтарганлар бадарға қилинди, қонхўр мустамлакачи байроғини кўриб кўзимизга ёш келиши керакми? Жаҳон уруши бошқа масала, фашизмни енгиш учун фидо қилинган ўзбек жони Қодирий ва Чўлпон қони тўкилган байроқсиз ҳам қадрланади!”, деган партия етакчиси бошловчига жавобан.

Қодиров Соловьёв доимий равишда Украина мавзусини кавлаштириш билан овора эканига ишора қилиб, уни бу мавзудан йироқлаштириб, асабига тегишга муваффақ бўлганини яхши натижа деб баҳолаган.

“Украина ғийбатидан ортган Соловьёв асабини бузган бўлсак, демак тўғри йўлдамиз. Умуман, нега булар совет байроғини ҳимоя қилишади? Байроқда нафақат ўзбеклар, рус зиёлиларининг ҳам қони борку? Балки, мадҳиядек байроқни ҳам ўзгартиришмоқчидир?”, дейди Алишер Қодиров.

Сиёсатчи сўзи сўнгида Россияда нима бўлишининг унга аҳамияти йўқлигини урғулаб, шундай деган:

“Билганингизни қилинг, бизни тинч қўйинг! Ўзбек байроғи қиёматгача ўзгармайди!”

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида ўтказилган концерт дастурида СССР байроғи кўтарилди. Ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. 

Алишер Қодиров бу ҳолатни ўзбекистонликлар учун ҳақорат эканини таъкидлаб, Бош прокуратурадан ҳолатни ўрганиб чиқишини сўради. Аммо на Бош прокуратура, на ИИВ ва на бошқа идора бу ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилаётгани ҳақида маълумот берди ёки аниқ натижаларни эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

1048

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг