Руминияда президент сайлови натижалари бекор қилинди

Олам

image

Руминия Конституциявий суди президентлик сайловларининг биринчи босқич натижаларини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда расмий манбаларга таяниб, “Digi 24” телеканали хабар берди.

Билдирилишича, мазкур қарор президентлик сайловларининг бутун жараёнини бошидан қайта бошлашни англатади. Конституциявий суд судьялари бугун, 6 декабрь куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда овоз беришнинг биринчи босқичи натижаларини бекор қилган. Маълумотларга кўра, мазкур инстанцияга президентлик сайловларини бекор қилиш ҳақида кўплаб янги сўровлар келиб тушган. Ушбу сўровларда мамлакатнинг Олий мудофаа кенгаши томонидан ошкор қилинган ҳужжатлар келтирилган бўлиб, уларда сайловолди кампанияси қонунбузарликлар билан ўтгани қайд этилган.

Маълумот учун, жорий йил ноябрь ойининг охирида ўтказилган президентлик сайловларининг биринчи босқичида Кэлин Жоржеску ғолиб бўлганди. Руминия ОАВ унга Россия тарафдори сифатида қарамоқда. У барча прогнозларга қарамай, овоз бериш жараёнида етакчилик қилиб, 22,94 фоиз овоз олган. Иккинчи ўринни НАТО ва АҚШ билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдиган мухолифат партияси – “Руминияни қутқариш иттифоқи” лидери Елена Ласкони эгаллади – у 19,18 фоиз овоз тўплаган. Ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз олмаганлиги сабабли Руминияда Жоржеску ва Ласкони иштирокида сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилиши керак эди. Ғолиб оддий кўпчилик овозини олган номзод бўлади.

Бироқ Руминия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Тони Гребле Конституциявий суд ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилса, президентлик сайловларининг биринчи босқичи 15 декабрда қайта ўтказилиши мумкинлигини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Руминия президент сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг