Россиянинг Ўзбекистонда мактаб қуриш таклифи нотўғри талқин қилинаётгани айтилди
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
9429Кеча, 18 сентябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Россия Бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонда рус тили ва дастурлари асосида таълим бериладиган бир нечта мактаб қуриш таклифини берган. Абдулла Ариповнинг бу таклифларни мамнуният билан қабул қилгани эса кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Шундан сўнг Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Қўшма комиссия мажлисида маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик бўйича билдирилган муайян таклиф моҳиятини нотўғри талқин қилмасликни сўраб чиқди.
Ҳидоятовнинг билдиришича, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро расмий келишувларга асосан, бир давлат ҳисобидан бошқа давлат ҳудудида мактаб ва шунга ўхшаш ижтимоий обектлар қуриш анъанаси жаҳон тажрибасида мавжуд ва бу ўзаро ижтимоий ёрдам сифатида таснифланади.
“Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, хорижий мамлакатлар томонидан қуриб бериладиган мактабларнинг таълим дастурлари дастлаб соҳа мутахасиссислари томонидан миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз, тарихимиз, амалдаги қонун ҳужжатларимиз, мавжуд таълим стандартларимиз нуқтайи назаридан чуқур ўрганиб чиқилади”, дейди Бош вазир матбуот котиби.
Унга кўра, агар қуриб берилиши таклиф этилгаётган мактаб ва унинг дастури юқорида назарда тутилган талабларга мазмунан мос келса, ушбу таълим муассасасининг фаолият юритиши учун ўрнатилган тартибда лицензия берилади.
Ҳидоятов мазкур жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асосланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси биносида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган махсус мажлис тафсилотлари ҳам нотўғри талқин қилингани айтилган эди. Ижтимоий тармоқларда Ариповнинг мазкур мажлисда амалдорларга динни ёки давлатдаги ишини танлаши кераклигини айтгани ҳақида хабарлар тарқаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь