Энергетика, транспорт, мигрантлар. Арипов россиялик мавқедоши билан нимани гаплашгани очиқланди

Жамият

image

Бугун, 18 сентябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳукуматларнинг расмий сайтида хабар берилди.

Йиғилишда Россия Бош вазири Михаил Мишустин мамлакатлар орасида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, юқори технологиялар, таълим, тиббиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилган.

“Биз биргаликда савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз, ўртамизда мавжуд бўлган барча масалаларни, қўшма ишимизда ғаразгўйларнинг келишмовчиликларни келтириб чиқаришга уринишларига қарамай, самарали ҳал этмоқдамиз. Мураккаб халқаро шароитга қарамай, иқтисодий ва сармоявий алоқаларимиз изчил мустаҳкамланмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 600 миллиард рублдан ошди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида бу кўрсаткич қарийб 14,5 фоизга ортган ва деярли 470 миллиард рублни ташкил қилган”, дейди Мишустин.

Шунингдек, у энергетикани энг истиқболли соҳалардан бири деб ҳисоблашини билдирган. Мишустинга кўра, Қандим конлар гуруҳида янги замонавий газни қайта ишлаш мажмуасининг барпо этилиши, Шахпахти ва Жел конларининг ўзлаштирилиши Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг чўққисидир.

“Яна бир эътиборли ташаббус – Ўзбекистонда Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда атом электр станциясини қурмоқчи. Бу президентлар – Владимир Владимирович Путин ва Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қарори. Ўтган қишда Ўзбекистонда энергия таъминотида юзага келган қийинчиликлар ушбу қарорнинг тўғрилигини тасдиқлади”, дейди Россия ҳукумати раҳбари.

Шунингдек, Мишустин икки давлат ва бутун Евросиё маконининг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифа эканини қайд этган. 

“Биз Ўзбекистонда темир йўл транспортини ривожлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз. Россиялик инвесторлар аэропорт инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишга тайёр. Ва, албатта, “Шимол-Жануб” халқаро коридорини ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар устувор ҳисобланади. Лойиҳа, юқорида айтиб ўтганимиздек, юк оқими бўйича Сувайш канали билан рақобатлаша олади ва уни амалга ошириш барча иштирокчилар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни оширишга ёрдам беради. Биз умумий Евросиё маконидаги барча транспорт йўналишларини, жумладан, Афғонистон ва Жанубий Осиёга олиб борувчи йўналишларни кенгайтириш учун янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган Россия Бош вазири.

Шунингдек, Мишустин келгуси ёзда Екатеринбургда анъанавий тарзда ўтказиладиган Россиянинг “Иннопром” кўргазмасида Ўзбекистон иштирок этишига ишонч билдирган. Бундан ташқари, у Ўзбекистон вакилларини “Россия” халқаро кўргазма ва форумига таклиф қилган. У ноябрь ойининг бошида Москвада очилади.

 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Евросиё қитъасининг асосий транспорт артерияларидан бири – “Шимол-Жануб” халқаро коридорини ривожлантириш тарафдори эканини қайд этган. 

“Биз Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон янги мультимодал транспорт йўлагини биргаликда ишга туширишдан манфаатдормиз. Трансафғон йўлаги бўйлаб темир йўл қурилиши мазкур ташаббусни амалга оширишнинг муҳим йўналиши ҳисобланади”, деган Арипов.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари туризм соҳасидаги имкониятларга эътибор қаратган. У жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 350 мингга яқин россиялик сайёҳ келганини қайд этган. 

Бундан ташқари, Абдулла Арипов Россия Федерацияси раҳбариятининг меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалаларда кўрсатилаётган ёрдамини юксак қадрлашини билдирган. 

“Биз Россия томонининг ўзаро пенсия таъминоти тўғрисида шартнома тузиш бўйича тезкор қарори учун миннатдормиз. Бундан ташқари, ишга ёллаш бўйича келишувга ўзгартиришлар киритиш ва Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия ҳудудларида ваколатхоналарини очишни тезлаштириш муҳим аҳамиятга эга”, деган Абдулла Арипов.

Шунингдек, у “Класс” лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги рус тилида таълим бериладиган мактаблар учун математика, физика ва кимё ўқитувчилари сонини кўпайтиришни таклиф қилган. Арипов Ўзбекистонда жами 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаблари бўлиб, уларнинг 10 фоизида рус тилида таълим берилишини алоҳида қайд этган.

“Рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича таклифларни катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз”, деган Бош вазир.

Қўшма комиссия йиғилиши якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:

Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 4-йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике;

Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида Битим;

Давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ва картография федерал хизмати (Россия Федерацияси) ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида Ўзбекистон Республикасига 2023-2024 йилларда давлат кадастр баҳолаш тизимини яратишда бепул техник ёрдам кўрсатиш бўйича келишув;

“Росатом” атом энергияси давлат корпорацияси (Россия Федерацияси) ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ядро тиббиёти соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандуми;

“Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент филиалининг тўлиқ фаолият юритиши бўйича ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Абдулла Арипов Михаил Мишустин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг