Россиянинг Сумига зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди
Олам
−
30 Январь
3349Бугун, 30 январь тонги олдидан Россия армияси Украинанинг Суми шаҳрига зарба берди. Дроннинг кўп қаватли тураржой биносига келиб урилиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши жароҳат олди. Улардан бири вояга етмаган бола. Уч кишининг аҳволи оғир. Бу ҳақда Суми вилояти ҳарбий администрацияси хабар берди.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, Россия дрони ўн қаватли уйлардан бирига урилган. Зарбадан тўққизта квартира ва 12 та балкон вайрон бўлган. 80 дан ортиқ дераза ва балкон ойналари зарар кўрган. Шунингдек, портлаш оқибатида 20 дан ортиқ автомобиль шикастланган.
“Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари тўрт кишини, жумладан, бир боланинг ҳаётини сақлаб қолди, шунингдек, 118 киши эвакуация қилинди”, дейилади хабарда.
Украина Президенти Владимир Зеленский Сумига қилинган зарбани “даҳшатли рус жинояти”, деб атаган. У, шунингдек, Россиянинг давом этаётган террор ҳаракатларига жавобан унга босимни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган ҳамда Украинага ёрдам бераётган давлатлар етакчиларига миннатдорлик билдирган.
“Тунда Россия Shahed билан Сумидаги оддий кўп қаватли уйларга зарба берди. Тўрт киши ҳалок бўлди. Уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Бу даҳшатли фожиа, даҳшатли рус жинояти”, деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, 29 январга ўтар кечаси Украина Россияга йил бошидан бери иккинчи йирик дрон зарбаси уюштиргани хабар қилинганди. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 104 та Украина учувчисиз дронлари Россиянинг тўққизта вилоятида уриб туширилган.