Россиянинг МДҲга раислик даврида асосий мақсадлари нималиги очиқланди

Олам

image

Россиянинг МДҲга раислигининг устувор вазифаси рақамлаштириш ва миллий валюталардаги тўловлар улушини ошириш бўлади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин “Евросиё иқтисодий истиқболи – 2023” XI халқаро форумининг ялпи мажлисида видеоформатда маълум қилди. 

“Транспорт ва логистика йўналишларини қайта йўналтириш, энергия ва озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, рақамлаштиришни рағбатлантириш, миллий валюталарда тўловлар улушини ошириш – буларнинг барчаси жорий йилда ЕОИИ [Евроосиё иқтисодий иттифоқи] органларида Россия раислиги учун устувор вазифага айланади”, дейди у.

Унинг қайд этишича, келгуси йили мамлакатнинг МДҲга раислиги доирасида юқоридагиларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилади. 

Панкиннинг таъкидлашича, 2022 йил охирида ЕОИИнинг ташқи ҳамкорлар билан савдоси 60 фоизга, ШҲТ давлатлари (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) билан товар айирбошлаш ҳажми эса 40 фоиздан кўпроқ ошган.  

“МДҲдаги ҳамкорлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми ҳам ижобий кўрсаткичга эга. ЕОИИга аъзо давлатларнинг ўзаро товар айланмаси 2022 йилда 14,6 фоизга ўсди ва рекорд даражадаги 85 миллиард долларга етди,  2023йилнинг биринчи ярмида эса ўсиш яна 13 фоизни ташкил этди”, дейди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари. 

Дипломатнинг сўзларига кўра, тақдим этилган статистик ҳисоб-китоблар турли соҳаларда яқин мувофиқлаштиришнинг аниқ натижасидир. 

Маълумот учун, МДҲга айни вақтда Қирғизистон раислик қилмоқда. 2024 йил 1 январдан МДҲга раислик Россияга ўтади. МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити 8 октябрга белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг