“Россиянинг бошига ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли”. Ўзбек сиёсатчилари россиялик депутатдан норози

Жамият

image

Кеча, 11 сентябрь куни Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Евгений Фёдоров Россия собиқ совет республикаларининг барчаси билан уришишга мажбур бўлишини иддао қилган эди. Фёдоров агар республикалар дипломатик йўл билан Россияга қайтарилса, ҳарбий можароларнинг олдини олиш мумкинлигини айтган.

Унинг бу гаплари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, жамоатчиликнинг жиддий эътирозларини келтириб чиқарди. Шунингдек, ўзбекистонлик сиёсатчилар – “Миллий тикланиш” Демократик Партияси Марказий кенгаши раиси, депутат Алишер Қодиров ва Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов россиялик мавқедоши Фёдоровнинг даъвосига муносабат билдириб чиқди. 

“Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади шекилли. Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз...”, деган Алишер Қодиров ўзининг Telegram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Олий Мажлис депутати ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса “Ягона Россия” партиясидан депутат Евгений Фёдоровнинг сўзларига қандайдир жиддий муносабат билдириш шарт эмас, деб ҳисоблайди.

“Собиқ иттифоқ республикаларини уруш ёки дипломатик йўл билан қайтариш” каби иддаолар соғлом фикр маҳсули эмас. Бугунги кунда Россия ташқи кучлар колонияси эканлигига ишонувчи, конспирологик назарияларни илгари сурувчи Дума депутатининг сўзларига қандайдир жиддий муносабат билдириш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз”, деган Бекмуродов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Россия билан иттифоқчи мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган.

“Ўзбекистон мустаҳкам суверенитет ва кучли давлатчиликка эга мамлакатдир”, дея қатъий таъкидлаган у.

Аммо россиялик депутатнинг бу фикрларига ҳозирча бошқа ўзбекистонлик сиёсатдонлар ва ҳатто Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирганича йўқ.

Шу ўринда Россия ҳукумати ҳам ўз сиёсатчисининг бу фикрлари юзасидан узр сўраб, Фёдоровга нисбатан қандайдир чора кўрилишини айтиб чиқмади.

Эслатиб ўтамиз, Евгений Фёдоров 2022 йилда собиқ СССР давлати – Литва мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ташаббуси билан чиққан эди.

Машҳура Имомова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Алишер Қодиров Бобур Бекмуродов Евгений Фёдоров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг