Россиялик қиличбоз билан қўл сиқишишдан бош тортган Украина вакили дисквалификация қилинди (видео)
Sport
−
27 July 2023 8785 2 minutes
Миланда бўлиб ўтаётган қиличбозлик бўйича Жаҳон чемпионати доирасида Россия ва Украина спортчилари ўртасида баҳсли вазият юзага келди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 27 июль куни чемпионатининг 1/32 финал баҳсида ўзаро жангга киришган украиналик қиличбоз Ольга Харлан россиялик Анна Смирнова билан қўл сиқишишдан бош тортган ва у томонга қўл чўзиб келаётган рақибасига қилич ўқталган. Шундан сўнг, украиналик спортчи қиличбозлик йўлагини тарк этган. Қоидаларга кўра, Смирнова жангни якунлаш учун 45 дақиқа давомида қарши томон вакилини кутган ва расмийлар билан музокаралардан сўнг у ҳам йўлакни бўшатган.
Мазкур баҳсда Харлан 15:7 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай, регламент бўйича чемпионатдан дисквалификация қилинган.
Маълумот учун, россиялик спортчилар нейтрал мақомда иштирок этган Жаҳон чемпионати 30 июлда якунланади. Смирнова русларнинг чемпионатдаги сўнгги вакили эди. Аввалроқ турнирни Яна Бекмурзова, Полина Ҳаертдинова, Лейла Пириева, Вадим Анохин ва Артём Саркисян тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ёшлар ва спорт вазирлиги украиналик спортчиларнинг нейтрал мақомда қатнашадиган Россия ва Беларусь спортчилари билан мусобақаларда иштирок этишидаги тақиқни бекор қилган эди. Шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2024 йилда Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпияда ўйинларига Россия ва Беларусни таклиф қилмагани ҳақида хабар берилганди.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August