Россияга серқатнов Лукашенко яна Путиннинг ҳузурида: ядро қуроли бўйича муҳим гап бор
Олам
−
09 Июнь 2023
7686Бугун, 9 июнь куни Россияга серқатнов Белерусь ҳукмдори Александр Лукашенко яна Сочига келди. Россия Президенти Владимир Путин меҳмон Лукашенко билан норасмий учрашув ўтказиб, ёзги кароргоҳи Бочаров Ручейдаги верандада нонушта қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Нонушта чоғида Путин Россия ядро қуролини Беларусда жойлаштириш санасини эълон қилган.
“Ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Биласизми, 7-8 июль кунлари тегишли объектларни тайёрлаш ишлари якунланади ва биз зудлик билан сизнинг ҳудудингизга тегишли қурол турларини жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни бошлаймиз”, деган Россия раҳбари.
Шунингдек, Путин Россия ва Беларусь ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг сифати ва тузилиши тўғри йўналишда ўзгараётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, у хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича гаплашадиган нарса борлигини билдирган.
Лукашенко эса Беларусь ва Россия фақат ўзига ишониши ҳамда санкцияларнинг бекор қилинишига умид қилмаслиги кераклигини айтган. Шунингдек, у Россия билан муносабатларда ҳеч қандай иқтисодий муаммо кўрмаётганини билдирган.
“Ҳа, иқтисодий масалалар бор, лекин улар муаммолар эмас. Улар ҳал қилинмоқда”, деган Лукашенко.
Унинг фикрича, Беларусь-Россия муносабатлари ЕОИИ ва МДҲнинг ўзаги ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадидан кейинги давлат етакчиларининг кечки овқатида Александр Лукашенко қатнашмаганди. Ўшанда унинг аҳволи ёмонлашгани айтилди. Шундан сўнг, у 15 майгача кўриниш бермади. 24 майда эса Лукашенко бетоблиги ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, аденовирус (ўткир респиратор вирусли инфекция) билан касалланганини маълум қилди. Шу куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Россия Президенти Владимир Путин билан бирга Москвадаги “Зарядье” концерт залида II Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи мажлисида қатнашди. Форум якунланганидан кейин давлат раҳбарлари Кремлда норасмий тушлик қилди.
LiveБарчаси