Россиядан яна 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди (видео)
Жамият
−
11:44 430 2 дақиқа
Россиядан ота-она қарамоғисиз қолган яна 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Россиядан вояга етмаганларни ватанга қайтариш бўйича хизмат сафарининг учинчи гуруҳи Ўзбекистонга етиб келган. Навбатдаги гуруҳ таркибидаги 7 нафар бола Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасалари кўмагида мамлакатга қайтарилган.
Уларнинг 3 нафари Россиядаги озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо муддатини ўтаётган оналари томонидан Ўзбекистон вакилларига топширилган.
Вояга етмаганларни қайтариш ишлари Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан, Болалар омбудсмани кўмагида ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасалари ёрдамида амалга оширилган.
Билдирилишича, хизмат сафари давомида жами 30 нафар вояга етмаган бола Россиядан Ўзбекистонга қайтарилган. Шунингдек, тегишли ишлар натижасида Қозоғистондан ҳам 2 нафар бола олиб келинган. Шу тариқа, жами 32 нафар вояга етмаган боланинг мамлакатга қайтиши таъминланган.
Агентликнинг маълум қилишича, болаларнинг кейинги ҳолати ва оилага мослашуви яшаш манзили бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳамроҳлик асосида кузатиб борилади.
“Айни пайтда хорижда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаганларни ватанга қайтариш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Грузияда ота-она қарамоғисиз қолган 1 нафар вояга етмаган болани ватанга қайтариш мақсадида хизмат сафари амалга оширилиши кутилмоқда, шунингдек, Туркия билан вояга етмаганларни қайтариш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Мордовия мухтор Республикаси ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари мамлакатга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси“Бойсун дўпписи” патентланди
16 сентябр
Рональд Куманнинг аёли 65 ёшида вафот этди
16 сентябр