Самарадаги ўзбекистонликлар ҳам поездда олиб келинади
Жамият
−
24 Август 2020
5411Аввалроқ, Россиянинг Ростов-Дон шаҳридан 900 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси поездда Ватанга қайтарилиши ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 23 август куни поезд 927 нафар ўзбекистонлик билан “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнаган.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан Самара вилоятидаги ватандошларни олиб келиш учун “Тошкент-Кинел-Тошкент” темир йўл рейсини ташкил этиш белгиланган.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар қилишича, ватандошларнинг олиб келиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди Самара вилоятининг “Кинел” станциясига 24 август куни етиб келиши режалаштирилган.
Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлишлари шарт.
Аввалроқ, Россиянинг Қозоғистон билан чегарада жойлашган Самара вилоятида яна ўзбекистонликлар тўплангани ҳақида хабар берган эдик. Улар эндиликда чегара яқинига эмас, Кинель поезд станциясида тўпланяпти.