Россиядан яна 900 дан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилади
Жамият
−
21 Август 2020
7479Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ Россия Федерациясининг Ростов вилоятидан юртдошларимизни олиб келиш мақсадида темир йўл рейси ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш мақсадида Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги махсус темир йўл рейси ташкил этилмоқда.
Ушбу йўналиш бўйича темир йўл қатновини амалга оширувчи поезд 19 август куни Тошкентдан жўнаб кетди. Гниловская – Тошкент йўналишида ушбу поезд орқали 918 нафар фуқаро 26 август куни Ўзбекистонга олиб келинади.
Мазкур йўловчи поезди йўл давомида фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.
Поезд Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.
“Ушбу рейсда олиб келинган йўловчилар Наманган вилоятининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, кўрилаётган карантин чоралари сабабли, МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунича амалдаги кучга эга.
Аввалроқ, Россиянинг Қозоғистон билан чегарада жойлашган Самара вилоятида яна ўзбекистонликлар тўплангани ҳақида хабар берган эдик. Улар эндиликда чегара яқинига эмас, Кинель поезд станциясида тўпланяпти.
LiveБарчаси