Россиядаги ЙТҲда уч марказий осиёлик вафот этди
Олам
−
08:35 2105 1 дақиқа
Россиянинг Оренбург вилоятида 21 февраль куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида уч нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди, яна икки киши оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Фожиа соат тахминан 16:00 да Р-239 “Қозон – Оренбург” автомагистралининг 451-километрида, Қозоғистон чегараси яқинида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, Toyota ва Mazda русумли автомобиллар тўқнашган.
Маълум қилинишича, Toyota автомобилида Тожикистоннинг беш нафар фуқароси бўлган, Mazda ҳайдовчиси эса маҳаллий аҳоли вакили бўлган. Mazda ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Toyotaʼдаги уч нафар йўловчи оғир жароҳатлар туфайли тез ёрдам етиб келгунга қадар вафот этган.
Яна икки жабрланувчи – 1999 ва 2006 йилларда туғилган йигитлар – зудлик билан Абдулинская шифохонасининг реанимация бўлимига олиб борилган. Уларда бош мия жароҳати, чаноқ ва қўл-оёқ суякларининг синиши ҳамда травматик шок аниқланган.
Оренбург вилояти прокурори Руслан Медведев мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказишни топширган. Айни пайтда ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган 23 ёшли қозоғистонлик талаба Гарри Азарян Россияда терроризмни оқлашда айбланиб, 8 ой қамалиб чиққанди.
Live
Барчаси