Россиядаги ЙТҲда 8 ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Олам
−
02 Сентябрь
14470Кеча, 1 сентябрь куни Россиянинг Нижний Новгород вилоятида микроавтобус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида ўзбекистонлик 8 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Нижний Новгород вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.
М-12 трассасида минивэн ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, машина икки марта тўсиққа урилган ва ағдарилган. Машина ичида жами 12 киши бўлган. ЙТҲ оқибатида 8 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи ва 3 йўловчи шифохонага ётқизилган. Машинадаги одамларнинг 11 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган ва улар Россияда қонуний ишлаб юрган.
Ҳайдовчи 32 ёшли Тожикистон фуқароси бўлиб, унинг сўзларига кўра, микроавтобус юк машинаси билан тўқнашиб кетган ва бошқарувни йўқотган, шундан сўнг ҳалокатли воқеа содир бўлган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бир қатор экспертиза тайинланган. Ҳайдовчи ва уч йўловчи эса шифохонада қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Россиянинг Пенза вилоятидаги М-5 Урал трассасида юк машинаси ва микроавтобус иштирокида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлганди. Президентнинг топшириғи билан Пензада ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари 13 январь куни Хоразм вилоятига олиб келинганди. Апрель ойида эса Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Улар ҳам махсус бортда Ўзбекистонга олиб келинганди.