Россиядаги ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг жасадлари Ўзбекистонга қайтарилади

Жамият

image

1 сентябрь куни Россиянинг Нижегород вилоятида микроавтобус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Ҳозирда қурбонларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Билдирилишича, 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:38 да Нижегород вилоятида М12 “Восток” автомагистралининг 375-километрида (Навашино округи) Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

“ЙТҲ оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, шундан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 1 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда, шунингдек 3 нафар фуқаромиз турли хил тан жароҳатлари билан Нижегород вилоятининг марказий клиник-шифохонаси ва Викса шаҳарчасида жойлашган тиббий муассасасига жойлаштирилган”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Санавиация” (тез ёрдам вертолёти) жалб қилинган.

“Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Жабрланган фуқароларимизга тез орада соғайиб кетишини тилаб қоламиз. Ҳозирда қурбонларнинг жасадларини Ватанга қайтариш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу масала Бош консулхона назоратида бўлиб, Бош консул Н. Қосимов, Биринчи котиб А. Раззоқов ҳамда ТММАнинг Россия Федерациясидаги раҳбари О. Одилов ва ТММАнинг Нижний Новгород шаҳридаги вакили О. Абдулғозиевлар тезкор равишда Нижегород вилоятига хизмат сафарини амалга ошириб, маҳаллий масъул ваколатли органлар билан ҳалок бўлганлар шаҳсига аниқлик киритиш ва уларни Ватанга қайтариш ишларини амалга ошириш, шунингдек, жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатилишини ўз назоратига олишган. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари билан қуйидаги телефон рақамлар орқали боғланиш мумкин: +7-843 526-55-63;  +7-843 526-55-64; +7-843 526-55-65; Telegram: @kazan_mfa_uz”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Россиянинг Пенза вилоятидаги М-5 Урал трассасида юк машинаси ва микроавтобус иштирокида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлганди. Президентнинг топшириғи билан Пензада ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари 13 январь куни Хоразм вилоятига олиб келинганди. Апрель ойида эса Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Улар ҳам махсус бортда Ўзбекистонга олиб келинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Россия Нижегород

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг