Россиядаги уйлардан бирида 4 ўзбекистонликнинг жасади топилди (видео)
3-саҳифа
−
17 Апрель 2025 28069 2 дақиқа
Жорий йилнинг 13 апрель куни Россиянинг Калининград шаҳри Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уйда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “Kaskad” хабар берди.
Қайд этилишича, уларнинг ўлимида терговчилар томонидан жиноят аломатлари аниқланмаган. Гагарин кўчасидаги 22-бинодаги 5-хонадонга бир ойдан камроқ вақт олдин ўзбекистонлик тўрт киши кўчиб борган. Улар Ўзбекистондан Калининградга пул топиш учун кетган.
Марҳумларнинг жасади олиб чиқилгач, уйнинг эшиги қулфланган. Терговчилар қўшниларни ҳам сўроққа тутган. Улар эса вафот этган ўзбекистонликларнинг уйга кам келгани, кўп ишлагани ҳақида айтиб берган.
“Яхши одамлар эди. Ҳар куни эрталаб соат саккиз яримларда чиқиб кетарди, кечқурун ҳам соат тўққизлар атрофда қайтиб келарди. Фақат эшик ёпилиш овозини эшитар эдим, ўзи жуда хотиржам эди”, дея эслайди Людмила исмли қўшни аёл.
Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган. Вилоят тергов қўмитаси берган хабарга кўра, ижарадаги хонадонда газ жиҳозларига нотўғри хизмат кўрсатилган.
“Иш бўйича тергов ишларини вилоят прокуратураси ҳам назорат қилмоқда. Хонадон эгаси уларнинг ўлими учун жавобгар бўлиши мумкин. Иш очилган модда бўйича энг кўп жазо бир неча йиллик қамоқ жазосига тўғри келади”, деган Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг Калининград вилояти бўйича катта ёрдамчиси Наталья Гацко.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги уйлардан бирининг ертўласидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади бўлган сумка топилганди. Жасаднинг шахсига аниқлик киритилганда, у 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган. Аёл ноябрь ойининг бошида 24 ёшли дугонаси билан ишлаш учун Санкт-Петербургга борган.
Live
Барчаси