Россиядаги ноқонуний мигрантлар сони бўйича ўзбекистонликлар етакчилик қилмоқда
Жамият
−
20 Сентябрь
6342Бугунги кунда Россияда 739 минг ноқонуний мигрант мавжуд ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил қилади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирининг миграция сиёсатини назорат қилиш бўйича биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги Александр Горовой маълум қилди.
Қайд этилишича, Россия Федерациясидаги умумий мигрантларнинг 9 фоизи ноқонуний мигрантлар ҳисобланади. Уларнинг умумий сони 739 мингга яқин ва сўнгги тўрт-беш йил ичида бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган.
Бундан ташқари, Горовой аҳоли таркибига оид бошқа маълумотларни ҳам очиқлади. Унга кўра, ҳозирги кунда Россияда 6 миллион 174 минг киши чет эл фуқаролигига эга. Мамлакатда ўз фуқаролари сони бўйича биринчи ўнталикка эса Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон киради.
“Халқаро миграция ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботига кўра, Россия Федерацияси чет элликлар сони бўйича жаҳон рейтингида АҚШ, Германия ва Саудия Арабистонидан кейин тўртинчи ўринни эгаллади. Жорий йил бошидан буён Россияга қарийб 7,5 миллион чет эл фуқароси кирди ва 6 миллион 800 минг чет эл фуқароси чиқиб кетди”, дейди Горовой.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси ўтган йил давомида Россияда яшовчи 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар берган эди.
LiveБарчаси