Россиядаги энг юқори иш ҳақлари маълум бўлди
Олам
−
16 Сентябрь 2019
7312Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ҳужжатида қайд этилишича, балиқчилик соҳасидаги ускуналарни таъмирлаш бўйича механикнинг иш ўрни Россияда энг юқори ҳақ оладиган ўрин экани маълум бўлди. Бу ҳақда “Известия" газетаси ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, ушбу лавозим учун иш ҳақи ойига 430 минг рублни ташкил қилади.
Россия Балиқчилик иттифоқи директори Сергей Гудковга кўра, механикларнинг ўртача даромади одатда 200 минг рублдан ошмайди ва рейтингда кўрсатилган иш ҳақи ходимга алоҳида эҳтиёж мавжуд бўлганда ва жуда камдан-кам ҳолларда таклиф қилиниши мумкин.
Энг даромадли бўш иш ўринлари рўйхатида иккинчи ўринда 330 минг рубль маош билан кўмир қазиб олиш соҳасидаги бўлим бошлиғи ҳамда самолёт учувчиси бўлди.
Маълумот учун 2018 йилда балиқчилик соҳасидаги механикнинг позицияси 400 минг рубль даромад билан шу каби рейтингда учинчи ўринни эгаллаганди.
Шунингдек, дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхона директори (420 минг рубль) ва консалтинг компаниясининг бош директори (400 минг рубль) иш ҳақи юқори бўлганлар қаторидан жой олган.