Россияда яна журналистлар “хорижий агент” сифатида нишонга олинмоқда

Олам

image

Россия Адлия вазирлиги олти кишини “хорижий агентлар” реестрига киритди. Улар орасида BBC рус хизмати журналисти Анастасия Голубева ҳам бор. Бу ҳақда BBC хабар берди.


“Бу Россия расмийлари BBC журналистларини “хорижий агентлар” деб эълон қилган кетма-кет тўртинчи жумадир”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бу сафар Адлия вазирлиги реестрига BBC рус хизмати журналисти Анастасия Голубева, журналист ва ёзувчи Валерий Панюшкин, журналист Светлана Осипова, жамоатчилик фаоли Анастасия Шевченко, политтехнолог Михаил Шейтельман ва сиёсатшунос Ирина Бусйгина ҳам бор.

Россия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Голубева Россия ҳукумати қарорлари ва Россия армиясининг “салбий имиджини яратишга қаратилган ёлғон маълумотлар” тарқатган, шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 17 январь куни вазирлик BBC муҳаррири Анастасия Лотарева ва мухбир Андрей Козенкони “хорижий агентлар” деб эълон қилганди. 24 январь куни BBC мухбири Ольга Ившина ушбу рўйхатга қўшилди. Қолаверса, 31 январь куни BBC рус хизмати мухбири Элизавета Фохт ва ҳарбий кузатувчи Илья Абишевлар рўйхатга киритилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ марҳум Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг уч нафар собиқ адвокати – Вадим Кобзев, Алексей Липцер ва Игор Сергунин 3,5 йилдан 5,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Суд ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган. Вадим Кобзев 5,5 йилга, Алексей Липцер 5 йилга, Игор Сергунин 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукмни Владимир вилоятининг Петушинский туман суди чиқарган, у ерга Навальнийнинг ўзи адвокатлари ёрдамида колония устидан кўп марта ариза берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия BBC “хорижий агентлар” Валерий Панюшкин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг