Россияда “уч юлдузли” меҳмонхона ҳудудида портлаш содир бўлди

Олам

image

Россиянинг Геленжик шаҳридаги меҳмонхона ҳудудида бугун, 13 июль куни портлаш юз берди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.  

“Ҳодиса натижасида беш киши жароҳат олди, афсуски, бир киши ҳалок бўлди. Дастлабки сабаб маиший газнинг портлаши”, дейилган матбуот хизмати хабарида. 

Ярадорлар ва ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар турлича. Шаҳар мэри Алексей Богодистовнинг сўзларига кўра, воқеа оқибатида бир киши вафот этган, уч киши жароҳат олган. 

“Дастлабки версия — маиший газ портлаши. Бир киши қурбон бўлган, уч киши яраланган. Меҳмонхонада кичик дўкон бор, ушбу дўконда портлаш содир бўлган. Пастки қаватда”, деган у. 

Ўз навбатида, шаҳар операцион хизматидаги манбанинг хабар беришича, қурбонлар сони икки кишига етган. Шифокорларнинг таъкидлашича, тўрт киши шаҳар шифохонасига ётқизилган. 

“Тўрт киши шифохонага ётқизилди, шу жумладан ёш бола. Жароҳатланганларнинг барчаси оғир аҳволда. Яна бир жабрланувчи олиб келинмоқда”, дейилган шифохона хабарида. 

Краснодар ўлкаси прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, икки жабрланувчининг аҳволи оғир. 

“Ҳозирга қадар жабрланганлар сони беш нафар, улар шифохонада, иккитасининг аҳволи оғир, учтаси ўртача оғирликда, шулардан биттаси 14 ёшда. Бир киши вафот этди”, дейилган прокуратура хабарида. 

Таъкидланишича, меҳмонхона қонуний иш олиб борган ва “Уч юлдуз” тоифасига эга бўлган. Қайд этилишича, прокуратура текширув ўтказмоқда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Краснодар ўлкаси бўйича Тергов бошқармаси терговчилари воқеа жойида ишламоқда. Қутқарувчилар бинони текширишда ва жабрланганларни қидиришда давом этмоқда. 

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, меҳмонхонадан 50 киши эвакуация қилинган. Портлаш натижасида бинонинг биринчи қаватининг ойналари ва ички қисмларига зарар етган. 

Аввалроқ, Хитой шарқидаги Цзянсу провинциясида меҳмонхона қулаб тушиши оқибатида саккиз киши қурбон бўлгани, яна тўққиз киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар бергандик. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия меҳмонхона

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг