Россияда уч кунлик сайловлар бошланди
Олам
−
08 Сентябрь 2023
9406Бугун, 8 сентябрь куни Россияда ягона овоз бериш куни доирасида турли даражадаги сайловлар бошланди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Россияда 10 сентябргача овоз бериш давом этади. Мамлакатда вилоятлар раҳбарлари, қонунчилик ассамблеялари депутатлари ва бошқа ҳукумат вакиллари сайланади. 2023 йилда аксарият ҳудудларда уч кунлик – 8-10 сентябргача сайловлар бўлиб ўтади, фақат бешта вилоятда овоз бериш бир кундан икки кунгача давом этади.
Россияликлар 21 та губернатор ва 20 та минтақавий парламентни сайлаши керак бўлади. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг тўртта субъектида Давлат Думаси депутатларига қўшимча сайловлар ўтказилади.
Губернаторлик сайловлари Тюмень ва Омск вилоятларида бир кун бўлади. Россия Федерациясининг қолган 19 та субъектида сайловлар уч кунлик форматда ўтказилади.
Биргина пойтахт Москвада 2 мингдан ортиқ сайлов участкалари очилган. Улар уч кун давомида соат 08:00 дан 20:00 гача ишлайди. Москвада "анъанавий" сайлов участкалари очилиши билан бир вақтда масофавий электрон овоз бериш ҳам бошланган.
Бу йил Москва аҳолиси 13 та муниципалитетга депутатларни ва шаҳар мэрини сайламоқда. Ҳозирги вақтда Москва мэрлиги лавозимини Сергей Собянин эгаллаб турибди.
Шунингдек, овоз бериш биринчи марта Россия томонидан босиб олинган “тўртта янги минтақада” – Херсон, Запорожье, Луганск ва Донецк вилоятларида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳудудлар 2022 йил 24 февралда Украинада ҳарбий можаро бошланганидан кейин Россия Федерацияси назоратига ўтган. У ерда "губернаторлар" учун сайловлар бошланган. Бундан ташқари, ушбу ҳудудларда "парламентлар" таркиби сайланиши керак бўлади.
LiveБарчаси