Тарвузни арзонга бермаган сотувчи пичоқланди
3-саҳифа
−
14 Август 2023
12995Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик сотувчи тарвузни арзонроқ нархда сотишдан бош тортгани учун харидор томонидан пичоқлаб кетилди. Бу ҳақда “Gazeta.ru” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа кеча, 13 август куни Художников проспектидаги мева-сабзавот дўконида содир бўлган. Номаълум шахс ушбу шохобчада ишлайдиган 46 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг олдига келиб, ундан тарвузни арзон нархда сотишини сўраган. Сотувчи нархни туширишга рози бўлмагач, харидор ўзбекистонликнинг ошқозон қисмига пичоқ урган. Шундан кейин эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Жабрланувчи эса шифохонага ётқизилган. Полиция ҳолатни ўрганишни бошлаган. Ҳужум қилган шахс айни дамда қидирилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Новосибирск вилоятида ҳамюртига пичоқ билан 78 марта зарба бериб ўлдирган ўзбекистонлик эркак 9 йилу 6 ойга қамалган эди.