Россияда ҳамюртини 78 марта пичоқлаб, ўлдирган ўзбекистонлик эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
07 Июль 2023
15925Россиянинг Новосибирск вилоятида ҳамюртини пичоқ билан 78 марта зарба бериб, ўлдирган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Комсомольская Правда” хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда туғилган 26 ёшли С.Н. исмли эркак 2021 йилнинг октябрь ойида ўзининг 44 ёшли аёл танишини ўрмонга олиб бориб, пул билан боғлиқ шахсий келишмовчилик сабаб пичоқлаб ўлдирган. Жиноят иши тафсилотларига кўра, эркак ҳамюртига эски Nexia Daewoo автомобилини сотиб олиш учун 100 минг рубль тўлаган. Аммо машина етиб келмаган. Шундан сўнг, у аёлни кимсасиз жойга олиб бориб, тартибга чақиришга қарор қилган. У ерда ҳам пулни қайтариш ҳақидаги талабларига рад жавобини олгач, унга пичоқ билан 78 марта зарба берган.
Мазкур жиноят тўққиз ой давомида очилмай қолган. Бироқ 2022 йилнинг ёзида Новосибирскнинг Троитск қишлоғида яшовчи одамлардан бири ҳаммом учун супурги тайёрлаш мақсадида ўрмонга борганида буталар орасидан одам суякларини топиб олиб, полицияга мурожаат қилган. Суд-тиббий экспертизаси натижасида марҳумнинг шахси аниқлаштирилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Терговчилар алоқа операторидан ўлдирилган аёлнинг телефон суҳбатлари ҳақидаги маълумотларни олиб, қотилликда гумон қилинган одамнинг шахсини аниқлаштирган. Бу унинг ҳамюрти С.Н. бўлиб чиққан.
Гумондор шахс дарҳол ҳамма айбига иқрор бўлган.
Аввалига унга нисбатан умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди. Бироқ судья эксперт хулосаси асосида унинг ҳаракатларида алоҳида шафқатсизлик йўқ деган хулосага келиб, унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) 1-қисми асосида 9 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бунинг сабаби сифатида эркак танишига унинг тириклигида фақат 4 марта зарба бергани, қолган зарбалар эса у аллақачон ўлганидан сўнг йўллангани келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак 2 нафар ҳамюртини пичоқлаганликда айбланганди.
LiveБарчаси