Россияда мигрантлар учун яна бир тақиқ жорий этилади
Олам
−
07 Ноябрь
18919Россия Федерациясининг Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин 2025 йил 1 январдан бошлаб курьерлик хизматида ишлаш учун чет эллик меҳнат муҳожирларини жалб қилишни тақиқлайди. Бу ҳақда вилоят раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, мигрантларга жамоат транспорти, такси ва умумий овқатланиш соҳасида ишлаш тақиқи узайтирилади.
“Чет элликларнинг патенти асосида ишчиларни жалб қилиш тақиқи узайтирилди. Қолаверса, улар орасига курьерлик ҳам қўшилди. Тақиқ йил бошидан, 2025 йил охиригача амал қилади”, дейилади хабарда.
Белгиланган тақиқ қуйидаги соҳаларга тааллуқли экани эслатилган:
- шаҳар ва шаҳар атрофи транспортида йўловчиларни ташиш,
- ижарага олинган автомобилларда такси ҳайдаш фаолияти,
- озиқ-овқат ва ичимликлар билан таъминлаш фаолияти.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг Москва вилоятида 2025 йилнинг январидан бошлаб хорижликларнинг спорт, маданият, ҳордиқ чиқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида патент бўйича ишлаши тақиқланганди. Маълум қилинишича, ҳар бир чет эл фуқароси Россияда ишлаш учун махсус патент олиши керак. Унинг йўқлиги учун мигрант ҳам, уни ишлатган ташкилот ҳам жавобгар бўлади. Қоидабузарлик учун чет эл фуқароси 45-50 минг рубль, юридик шахс 800 минг рублдан 1 миллион рублгача жаримага тортилади ёки 14 кундан 90 кунгача бўлган муддатга фаолияти тўхтатилади.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси