Россияда меҳнат муҳожирларига бир қатор енгилликлар берилиши мумкин
Олам
−
09 Декабрь 2020
11784Россия Савдо-саноат палатаси раҳбари Сергей Катирин мамлакат Бош вазири Михаил Мишустинга коронавирус пандемияси пайтида меҳнат муҳожирларининг мамлакатга кириб келишини енгиллаштириш таклифи билан хат юборди.
Хусусан, Катирин юқори малакали мутахассисларнинг оиласи билан Россияга келишига рухсат беришни таклиф қилган.
Катириннинг сўзларига кўра, палата ишбилармон доиралар вакилларидан коронавирус пандемияси сабабли жорий чекловлар шароитида хорижлик фуқароларнинг Россия Федерациясига киришини енгиллаштириш бўйича илтимос билан кўплаб мурожаатларни қабул қилмоқда.
“Хорижлик юқори малакали мутахассисларнинг Россияга ҳар бир кириб келишида уларни қабул қилишни маъқуллаш талабини истисно қилиш мақсадга мувофиқдир (биринчи киришни тасдиқлашнинг ўзи кифоя), шунингдек, юқори малакали спорт мутахассислари учун яқинда қабул қилинган қарор бўйича юқори малакали мутахассисларнинг оила аъзоларига кириш ҳуқуқини бериш лозим”, дейилган мурожаатда.
Шунингдек, Сергей Катирин Россияга ишлаш учун келувчи хорижлик фуқароларнинг фаолиятини тартибга солишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда чет элдан ишчи кучини жалб этадиган Россия компаниялари кадрлар танқислигига дуч келмоқда, хусусан, МДҲ мамлакатларидан.
Шу муносабат билан Савдо-саноат палатаси раҳбари Ҳукуматнинг акти билан меҳнат муҳожирларининг кириш тартибини белгилашни, уларнинг Россия Федерациясининг ҳудудларига кириш масаласини минтақавий идоралараро комиссиялар орқали ҳал қилиш ваколатини беришни тавсия қилган.
Хатда, шунингдек, мигрантларнинг киришини таъминлаш учун Россияга чет эллик ишчиларни етказиб беришни ташкил этиш, тест синовларини ўтказиш, агар керак бўлса 14 кунлик ўзини ўзи изоляция қилишни таьминлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш таклиф қилинган.
Аввалроқ, Россияда яшаш ва ишлаш истагида бўлган муҳожирлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топширишнинг янги қоидалари ўрнатилиши ҳақида маълумот бергандик.
LiveБарчаси