Россияда “Кўк кит” ўйини асосчиси 9 йилга қамалди

Олам

image

Россиянинг Ленин туман суди ижтимоий тармоқларда “Кўк кит” ўйинини яратган маҳаллий фуқаро Илья Погибловга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.

Судланувчи ўз жонига қасд қилишга ундашга қаратилган фаолиятни ташкил этишда, ўз жонига қасд қилишга ундашда ва вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилишда айбдор деб топилган. Унга тўққиз йилга қаттиқ режимли колонияда жазо ўташ тайинланган, шунингдек, тўрт йилга сайтларни бошқариш билан шуғулланиш тақиқланган.

Новосибирск вилояти суд департаментига кўра, Погиблов томонидан ташкил этилган гуруҳ мессенжерлар орқали эҳтимолий жабрланувчиларни ўз жонига қасд қилишга тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган вазифаларни бажаришга, хусусан, ўзига ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати етказишга ундаган ва ишонтирган.

Аниқлик киритилишича, Илья Погиблов гуруҳни бошқариш учун ўсмирни жалб қилган.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиши муносабати билан ишда қатнашаётган шахслар ўз ниятларини охирига етказа олмади”, дейилади хабарда.

Манбаларга кўра, гумондор ўз айбларига иқрорлигини билдирган.

Маълумот учун, “Кўк кит” ўйини 2015 йилда Россияда чиққан ва бутун дунёга ёйилиб, 130 та инсоннинг ўлимига сабаб бўлган. Ушбу ўйин 50 кун давомида маъмурлар томонидан ўйинчиларга юкланган бир қатор вазифалардан иборат. Ўйин босқичлари осондан қийин томон ўзгариб боради. Бунда ўйинчи ўзига, атрофдагиларга зарар етказиш ҳамда ўйин сўнггида ўз жонига қасд қилиш вазифасини бажариш билан “ўйинда ютиши” мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ленин Кўк кит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг