Россияда давлатга хиёнатда айбланаётганлар ортаётгани хавотирли – БМТ

Олам

image

Россияда жосуслик ва давлатга хиёнат айблари бўйича жиноий ишлар сони кескин ошган. Агар ўтган йили давлатга хиёнат бўйича 24 та иш қўзғатилиб, 16 киши судланган бўлса, 2023 йилнинг биринчи олти ойида камида 43 нафар гумонланувчи давлатга хиёнатда айбланган. Бундай маълумотларни БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова ва БМТнинг сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачиси, Amnesty International ташкилотининг собиқ раҳбари Айрин Хон келтирмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сўнгги пайтларда Россия Жиноят кодексининг жосуслик ва давлатга хиёнат тўғрисидаги қоидаларидан фуқароларни тез-тез ҳибсга олиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотирда.

“Айбловлар оғирлиги ва бундай ҳолларда жамоатчилик назорати қийинлигини ҳисобга олсак, бу хавфли восита”, дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотида. 

Шу муносабат билан улар жосусликда айбланиб, юз кундан ортиқ вақтдан бери Москвадаги Лефортово тергов изоляторида сақланаётган америкалик журналист Эван Гершковичнинг тақдирига эътибор қаратди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати Гершкович ҳарбий-саноат комплекси корхонаси ҳақида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганини даъво қилмоқда. 

“АҚШнинг Россиядаги элчиси Линн Трейсининг кўплаб сўровларига қарамай, ҳозирча унга фақат иккита консуллик ташрифига рухсат берилган”, дея эслатади БМТ.  

Журналистни 20 йиллик қамоқ жазоси кутмоқда. 

БМТ Гершковичнинг ҳибсга олинишини “17 ой олдин Украинага кенг кўламли босқиндан кейин Россияда фикр ва сўз эркинлиги, шунингдек, мустақил журналистиканинг кескин чекланиши мисоли” деб атайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз баёнотида Россия расмийларини америкалик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Гершковични Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда айблаб, ҳибсга олган эди. Унга қарши Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (жосуслик) бўйича иш қўзғатилган эди. WSJ ва АҚШ ҳукумати бу айбловларни рад этган, давлат департаменти эса Россиядаги Америка фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди.

Маълумот учун, у 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди. Шуни эслатиш зарурки, 2022 йилда Россия Федерациясида давлатга хиёнат бўйича 24 та иш қўзғатилган, 16 киши шундай айблов бўйича судланган. 2023 йилнинг дастлабки олти ойида эса камида 43 нафар шахсга ушбу айблов қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ФХХ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг