Россияда бортида 22 киши бўлган вертолёт бедарак йўқолди
Олам
−
31 Август
8864Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари Камчаткада йўқолган Ми-8 вертолётини қидирмоқда. “Витязь-Аэро” авиакомпаниясига тегишли вертолёт бортида 22 киши бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, вертолёт бортида 22 киши — 19 йўловчи ва уч экипаж аъзоси бўлган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Камчатка қутқарув марказининг қуруқликдаги гуруҳи ва бортида қутқарувчилар бўлган Ми-8 вертолёти қидирувга жалб қилинган.
Росавиация матбуот котиби Артем Коренякога кўра, Ми-8 вертолёти бугун, 31 август куни эрталаб Камчаткада ғойиб бўлган. У Вачкажец вулқони яқинидаги ҳудуддан Николаевкага (Елизово аэропортидан 17 км жануби-ғарбда) учаётган бўлган.
“Вертолёт экипажи Москва вақти билан 07:15 да алоқага чиқиши керак эди, бироқ алоқага чиқмади. Вертолёт бортида сайёҳлар бўлган бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Йўқолган вертолёт ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси Жиноят кодексининг 263-моддаси (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича тергов бошлаган. Айбдор деб топилганлар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда 17 йил аввал йўқолган самолёт қолдиқлари топилган эди.
LiveБарчаси