АҚШда 17 йил олдин йўқолган самолёт ва инсон қолдиқлари топилди

Олам

image

17 йил олдин АҚШнинг Мичиган штатидаги Гурон кўлига қулаган кичик самолёт, шунингдек, узоқ вақт бедарак йўқолган деб ҳисобланган йўловчи қолдиқлари топилди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, қолдиқлар Вашингтонда яшовчи 56 ёшли Брук Стауфферга тегишли экани аниқланган. У 2007 йил август ойида Макинак оролидан Мичиганнинг Қуйи яриморолидаги кичик шаҳарчага кетаётган самолёт йўловчиси бўлган. Самолёт ғойиб бўлганида Стауффер ва учувчи, унинг келини Карен Доддс Socata TB-20 Trinidad самолётида бўлган. Аёлнинг қолдиқлари ҳалокатдан икки ой ўтгач, Макинак кўпригининг шарқида топилган, аммо самолётнинг ўзи ва Стауффердан ҳеч қандай нишон бўлмаган. 

Қайд этилишича, 2023 йил октябрь ойида Great Lakes Search & Recovery хусусий компанияси Стауффернинг оила аъзолари илтимосига биноан қидирув ишларини яна давом эттирган ва шу йил августда Боис Бланк ороли яқинида самолёт қолдиқларини топган. Штат полицияси ғаввослари кейинчалик скелет қолдиқларини ҳам топишга муваффақ бўлган ва Шимолий Мичиган университети суд антропология маркази Стауффернинг шахсини стоматологик далиллар ёрдамида тасдиқлаган.

Маълумот учун, Стауффер Миллий электр пудратчилар уюшмасининг стандартлар ва хавфсизлик бўйича директори бўлган. Шунингдек, унинг сермаҳсул ёзувчи ва бир нечта техник китоблар, кўплаб журнал мақолалари, болалар учун романи ва “Вашингтон учун қўлланма” китоби муаллифи эканлиги айтилди. 52 ёшли Доддс эса Вашингтонда ўзининг “Dodds Design” график веб-дизайн ва маркетинг компаниясига ҳам эга бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада F-16 қирувчи самолёти қулаб тушган  эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ самолёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг