Россияда бензинга навбат кутганлар тартибсизликлар келтириб чиқарди
Олам
−
09:55 2173 2 дақиқа
Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги машҳур курорт шаҳри Анапада ёқилғи қуйиш шохобчаларида тартибсизликлар юзага келмоқда. Бу ҳақда шаҳар расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, Украина томонидан Россия энергетика инфратузилмасига уюштирилаётган ҳужумлар мамлакатда ёқилғи тақчиллигини кучайтирган. Натижада Россия айрим ҳудудларда бензин ва дизель таъминотини чеклашга мажбур бўлган.
Шаҳар расмийларига кўра, Краснодар ўлкасида жойлашган Анапада автомобиллар узун навбатларга тизилгани сабабли кўнгиллилар шаҳар маъмурияти ҳамда полицияга ёрдам бермоқда. Улар транспорт оқимини тартибга солиш, навбатларда можароларнинг олдини олиш, бензинни канистрларга қуйишга уринишларни тўхтатиш ҳамда навбатнинг тартибли сақланишини таъминлаш билан шуғулланмоқда.
Манбага кўра, ҳозирда Анапада, шунингдек Россиянинг бошқа ҳудудлари ва Россия назоратидаги Украина ерларида бир автомобилга 20 литрдан ортиқ бензин сотиш тақиқланган. Маҳаллий аҳоли вакили Александра Нестеренконинг айтишича, бу миқдор бир ҳафтага етарли.
“Чекловлар жорий этилган бўлса, демак, бунга жиддий сабаб бор”, деган у.
Шаҳар маъмурияти вакили Арсен Мелкумяннинг маълум қилишича, кўрилган чоралар натижасида аввал тўрт соатгача чўзилган кутиш вақти ҳозир 30–40 дақиқагача қисқарган. Кўнгиллилардан бири Анатолий Касянов эса уларнинг вазифаси одамларга ёрдам бериш ва низоларнинг олдини олиш эканини таъкидлаган.
Анапа Краснодар ўлкасидаги энг машҳур дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Минтақадаги энергетика объектлари Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланган 2022 йил февралдан бери Киев томонидан тез-тез нишонга олинаётган ҳудудлардан бири саналади.
Краснодар ўлкаси маъмуриятининг маълум қилишича, бугун, 3 июль куни учувчисиз аппарат қолдиқлари тушиши оқибатида бир нечта хусусий уй ва газ қувурига зарар етган, бироқ жабрланганлар йўқ.
Ёқилғи танқислигини юмшатиш мақсадида Россия ҳукумати нефтьни қайта ишлаш заводларига жорий йил охиригача олти ой давомида таркибида олтингугурт миқдори юқорироқ бўлган бензин ва дизель ишлаб чиқаришга рухсат берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда бензин ва авиация керосини экспортига вақтинчалик тўлиқ тақиқ жорий этилган эди.
Live
Барчаси