Россия зарбаларининг 97 фоизи тинч аҳолига қаратилган – Рустам Умаров

Олам

image

Россиянинг Украина ҳудудидаги нишонларга берган зарбаларининг 97 фоизи фуқаролик инфратузилмасига урилди. Бу ҳақда кеча, 28 март куни Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Киев ташаббуси билан ўтказилган НАТО-Украина кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди.

“Россиянинг ушбу ракеталари, учувчисиз самолётлари ва бошқариладиган бомбаларнинг атиги уч фоизи ҳарбий нишонларга зарба берди”, дейди Умаров.

Унинг сўзларига кўра, йиғилишда асосий эътибор Россия қўшинларининг сўнгги пайтларда содир бўлаётган оммавий ҳаво ҳужумлари ва Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш заруратига қаратилган. Умаров Украина ҳаво мудофаасининг шошилинч эҳтиёжлари ҳақида батафсил маълумот берган.

Украина Мудофаа вазири БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига таяниб, сўнгги уч ойда БМТ томонидан тасдиқланган 1804 нафар тинч аҳоли орасидаги қурбонлардан 712 нафари ракета ҳужумлари ва ўқ-дорилар сабаб ҳалок бўлганини айтган. 

“Иттифоқчилар Россия ҳаво ҳужумларининг кучайишини кескин қоралади ва Украина мудофаасини янада кучайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади НАТО-Украина кенгаши сайтида шу куни чоп этилган баёнотда. 

Таъкидланишича, учрашув элчилар даражасида бўлиб ўтган, унда альянс бош котиби ўринбосари Мирча Жоана ҳам иштирок этган, Рустам Умаров эса йиғилишда видеоконференсия орқали қатнашган.

“Россиянинг Украина тинч аҳолисига ва муҳим инфратузилмага қарши давом этаётган ҳужумлари бизнинг доимий қўллаб-қувватлашимиз зарурлигини кўрсатади”, деган НАТО Бош котиби ўринбосари. 

Шунингдек, Франция Украинани доимий қўллаб-қувватлаши доирасида тез орада у ерга қўшимча Caesar гаубицаларини жўнатиши кўрсатилган ва “бир қатор иттифоқчилар Чехия Республикасининг қўшимча 800 минг бирлик артиллерия снарядлари сотиб олиш ташаббусига қўшилган.

Маълумот учун, НАТО-Украина кенгаши альянснинг 2023 йил июлида бўлиб ўтган саммитида тузилган бўлиб, НАТО ва Украина ўртасида маслаҳатлашувлар, қарорлар қабул қилиш ва қўшма тадбирлар учун форум бўлиб хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг