Россия яна ҳарбий самолётидан айрилди

Олам

image

Бугун, 1 июль куни Россияда жорий йил бошидан бери учинчи бор ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт қулаб тушди. Бу сафар ҳалокатга учраган самолёт – Су-27 русумидаги кўп мақсадли, оғир тўртинчи авлод юқори тезликдаги қирувчи самолёти. Бу ҳақда “The Moscow Times” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, ҳалокат Нижегород вилоятининг Кулебаки шаҳри яқинидаги Велетьма посёлкасидан 10 км узоқликда, ўрмон ҳудудида юз берган. Ушбу жой яқинида Россия Мудофаа вазирлигининг 4-Давлат авиация тайёргарлик марказининг филиали жойлашган.

Самолётда икки нафар учувчи бўлган. Уларнинг иккаласи ҳам катапульта ёрдамида қутулишга улгурган. Маҳаллий манбалар хабарига кўра, ҳалокат жойида ёнғин ўчириш ишлари олиб борилмоқда.

“Baza” хабарига кўра, катапульта қилган учувчилардан бири топилган, иккинчисини эса қидирув ишлари давом этмоқда. “Mash” эса самолёт ўқув-парвоз бажараётганини, бортида қурол-аслаҳа йўқлигини таъкидлаган. Ҳозирда Виксунский туманида қидирув операцияси олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Су-27 самолёти 1990 йилда СССР қуролли кучларига қабул қилинган ва ракета-бомба зарбалари учун мўлжалланган, шу жумладан, тактик ядровий қуроллар ташувчиси сифатида ҳам хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойи бошида Россиянинг Иркутск вилоятида Ту-22М3 русумидаги стратегик бомбардимончи самолёти қулаб тушганди. Ўшанда бир нафар учувчи ҳалок бўлган, тўрт киши тирик қолган. Ҳалокатга сабаб техник носозлик бўлган. Март охирида эса Приморе ўлкасида Су-25 самолёти ҳалокатга учраганди. У ҳам ўқув парвозни бажараётган бўлган. Икки двигатель бир вақтнинг ўзида ишдан чиққан, пилот эса омон қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ҳарбий самолёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг