“Россия вассали”: Макрон Лукашенко билан Украинадаги урушни муҳокама қилди
Олам
−
27 Февраль 2022
14351Франция Президенти Эммануэль Макрон Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар Украинадаги урушни муҳокама қилган. Бу ҳақда Елисей саройи матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Макрон Лукашенкога “Беларусь ва украин халқлари ўртасидаги қардошлик муносабатлари Беларусни Украинага қарши урушда Россиянинг вассали ва ҳақиқий шериги бўлишдан бош тортишга ундаши кераклигини” айтган.
Ўз навбатида, “Пул первого” Telegram канали Лукашенко Макрон билан Европа келажаги, Украинадаги уруш, Беларусь-Россия муносабатлари ва Беларусда ядро қуролини жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган.
“Суҳбатнинг муҳим қисми Европанинг келажаги ва Беларуснинг ушбу дунё тартибидаги ўрнини муҳокама қилишга бағишланди, шунингдек, Беларусь ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз юритилди”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Лукашенко Беларусь ҳудудида ядро қуроли жойлаштирилгани ҳақидаги хабарни сохта деб атаган. Бундан ташқари, у Россия-Украина тинчлик музокараларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган.