Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар воситачиларсиз бўлиши мумкин – Россия ТИВ
Олам
−
13 Январь 2023
7180Агар Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар қайта тикланса, воситачиларсиз тўғридан-тўғри бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича департамент директори Алексей Полишчук маълум қилди.
“Агар алоқалар қайта тикланса, улар ҳам тўғридан-тўғри, воситачиларсиз бўлиши мумкин. Бу эса энг яхши вариант бўлар эди. Чунки амалиёт шуни кўрсатадики, Ғарб воситачилари кўпинча ўз мақсадларини кўзлайди ва музокаралар жараёнига таъсир ўтказишга ҳаракат қиладилар. Улар можарони ҳал қилиш учун эмас, балки ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини кўзлайди”, дейди у.
Дипломат ўтган йили Украина томони билан бўлган музокараларни тўғридан-тўғри олиб борилган дея иддао қилган.
“Ҳозиргача биз украиналиклар билан фақат бизга тақдим этилган платформалардан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри мулоқот қилдик, биз буни жуда қадрлаймиз. Ўтган йилнинг февраль–апрель ойларида Россия-Украина мулоқотининг учта раунди Беларусда, биттаси Туркияда бўлиб ўтди. Кейин деярли кундалик алоқалар видео ҳавола орқали амалга оширилди. Бу украиналиклар билан тўғридан-тўғри музокаралар эди”, дейди Полишчук.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков агар Украина қонунлари Россия билан мулоқотни тақиқласа ва Ғарб Киевга бу масалада мослашувчан бўлишига йўл қўймаса, Украина билан тинчлик музокараларининг истиқболи йўқлигини айтганди.